Муҳаммад Салоҳ. Хорликда юксалган фиръавн

6 000 сум
Муҳаммад Салоҳ 1992 йилнинг 15 июнь кунида Миср давлатининг Александрия шаҳридан сал нарироқда жойлашган Нағриғ қишлоқчасида дунёга келди. Бу қишлоқ Басюн маъмурий худудга тегишли ҳисобланади.

Унинг тўлиқ исми Муҳаммад Салоҳ Ҳамид Ғоли бўлиб, бўлажак футболчи жуда ғариб ва қашшоқ оилада туғилган. Табиийки, унда ейишга егулик, ичишга ичимлик етишмаган. Ҳамма оч болалар сингари ягона овунчоқ сифатида кўчада футбол ўйнаб катта бўлган. Чунки футбол орқали у очликни унутишга ҳаракат қиларди.

Ўзининг камбағал қўшнилари билан бирга гоҳ-гоҳида спорт каналларини тутиб оладиган эски телевизор орқали футбол ўйинларини томоша қилиб улғайди. Криштиану Роналду, Франческо Тотти ва Зинедин Зиданларнинг ўйинларига маҳлиё бўлиб борди. Ўз ўртоқлари билан уларнинг дриблинг ва хатти-ҳаракатларини кўм-кўк майса устида такрорлашга интиларди. Ҳар бир зарбани юз марталаб такрорларди.