Жон Скотт Экклз дуч келган фавқулодда сирли воқеа

Бесплатно
Сизга ҳикоя қилиб бермоқчи бўлган ушбу воқеа тафсилотларини каминангиз хотира дафтарига минг саккиз юз тўқсон иккинчи йилнинг рутубатли март ойида содир бўлганлиги ҳақида қайд этиб қўйган эди. Ўша ёғин-сочинли тунд кунларнинг бирида Шерлок Холмсга ғайриоддий бир телеграмма келганда иккимиз одатдагидек тушлик қилиб ўтиргандик. Тезкор номани олган заҳоти дўстим унга дастурхон устидаёқ жавоб ёзиб, хат муаллифига жўнатиб юборди. Холмс нонуштадан сўнг камин ёнида хаёлга чўмганча трубкасини тутатиб, қўлидаги телеграммага аҳён-аҳён қараб-қараб қўяётган бўлса-да, анчагача унинг мазмуни ҳақида менга чурқ этмаётганди. Кейин эса дафъатан у мен томонга ялт этиб қаради-да, шундай мурожаат қилди:
– Ватсон, – деди у менга қув қараш қилиб, назаримда, сизни хийла маълуму машҳур, етук адиб деб ҳисобласак ҳам бўлади, тўғрими? Ҳамонки шундай экан, сиз менга “фавқулодда” деган сўзнинг маъносини тушунтириб бера оламайсизми?